Қозоғистонда ўтган бир суткада 64 кишида коронавирус аниқланди. Россияда касалликдан вафот этганлар сони 18 мингга яқинлашди

Қозоғистонда 8 сентябрь Тошкент вақти билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 106 425 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 99 893 нафари тўлиқ соғайган, 1588 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 64 киши касалликка чалинган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Қозоғистонда карантин жорий этиш қоидаларини тасдиқловчи ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, жамоатчилик муҳокамаси 14 сентябрга қадар давом этади.

Қирғизистон

Қирғизистонда 8 сентябрь Тошкент вақти билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 44 487 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 40 092 нафари соғайиб, 1060 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 3634 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 29 кишига кўпайган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ 500 нафарга яқин қирғизистонлик талаба пандемия даврида ўқиш учун Россияга қайта олмаслиги хабар қилинганди. Қайд этилишича, Россия олийгоҳларида 1 сентябрдан ўқув йили бошланган, масофавий таълим эса барча йўналишларга ҳам мос келавермайди.

Тожикистон

Тожикистонда 8 сентябрь Тошкент вақти билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8824 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7616 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 70 нафари вафот этган. Ҳозирда 1138 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Asia-Plus»

«Asia-Plus» нашрига кўра, айни пайтда 86 киши касалхонада, 1000 нафардан ортиқ бемор эса уйда даволанмоқда. Мамлакатда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 86,1 фоизга етган.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури Aшхобод ҳамда Aҳал вилоятида пандемия сабаб қийин аҳволга тушиб қолган оилаларга 2500 та озиқ-овқат ва 1250 та шахсий гигиена воситаси тўпламларини тақдим этгани хабар қилинганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, ижтимоий ёрдамнинг иккинчи қисми Лебоп ва Тошҳовуз вилоятлари аҳолисига етказилади.

Россия

Россияда 8 сентябрь Тошкент вақти билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 030 690 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 843 277 нафари соғайган, 17 871 нафари вафот этган.

Фото: «The Moscow Times»

«Интерфакс» нашрига кўра, Москва шаҳрининг барча касалхоналарига COVID-19 вакцинасини етказиб бериш кейинги ҳафтадан йўлга қўйилади.