Сирдарёда эркак жазманининг ётоғида юрак хуружидан вафот этди
Сирдарё вилояти Ховос туманида эркак жазманининг ётоқхонасида юрак хуружидан вафот этди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг судьяси хабар берди.
Маълум бўлишича, Ховос туманида яшовчи Барно Алиева (исми-шарифи ўзгартирилган) ўзининг хуштори Алишер Зарипов (исми-шарифи ўзгартирилган, иккаласининг ҳам турмуши ва фарзандлари бор) билан соат 19:00 атрофида ўзининг ётоқхонасида ишқий муносабатда бўлаётган вақтида А.Зарипов юрак хуружи туфайли ҳушидан кетган.
Шундан сўнг Б.Алиева А.Зарипов билан ишқий муносабатини яшириш мақсадида ва шарманда бўлишдан қўрқиб, А.Зариповни хушидан кетганлиги ҳақида тез тиббий ёрдам бўлимига хабар бермаган. Эркакни шу куни соат 24:00 га қадар ётоқхонада сақлаган. Унинг биологик ўлимини билганидан сўнг ҳовлисида бўлган эшак аравага А.Зариповнинг мурдасини ортган ва кўчада хеч ким йўқлигидан фойдаланиб, даладаги йўлининг четига олиб бориб, ташлаб келган.
Таъкидланишича, суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Б.Алиевани Жиноят кодексининг 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга қонунда белгиланган чорани қўллаган.
Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисмида ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, агар шундай ҳолат одам ўлишига олиб келса, айбдор икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган.
Аввалроқ Андижонда хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтакланиши юзасидан расмий маълумот берилганди. Кейинчалик воқеа иштирокчилари ҳолат қандай юз берганига аниқлик киритган. Шунингдек, Тошкентда 29 ёшли қизни ўғлини ром қилганликда айблаб, уни «самосуд» қилган она ва унинг танишларига жиноят иши қўзғатилганлиги ҳаҳида хабар берилганди.