Тўрақўрғон туманида 29 та маҳалла биноси қурилади (фото)

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани бўйича 29 та маҳаллага давлат-шерикчилик асосида янги бинолар қуриб берилади. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилиннишича, туманда давлат-шерикчилик асосида маҳаллалар учун янги бинолар қурилади. Туман бўйича 29 та маҳалла янги биноларга эга бўлади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, «Қуйимозор» Тўрақўрғон туманининг Косонсой билан чегарадош энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ушбу маҳалла марказида тўйхона, қаҳвахона, компьютер хизмати йўлга қўйилгани маълум қилинди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

«‘Ёшлар — келажагимиз’ жамғармаси томонидан 150 миллион сўм кредит ажратилгани ўйлаган режаларимни амалга ошишида катта ёрдам бўлди», — дейди тадбиркор Азамат Зокиржонов.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов шу маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди.

«Ҳар бир тумандан 4 тадан энг чекка, оғир шароитдаги маҳаллаларда ичимлик суви, йўлларни таъмирлаш, электр тармоқларини янгилаш муаммоларини ҳал этишга маблағ ажратяпмиз. Биргина Тўрақўрғон туманига ундирилган солиқ тушумларидан 1 миллиард 900 миллион сўмни қолдирдик. Бунда асосий юмушлар ҳашар усулида олиб борилса, кўпроқ натижага эришилади ва маблағ тежалади», — деди вилоят ҳокими.

Аввалроқ Косонсойда 2 та маҳалланинг муаммолари ҳал этилиши учун 1 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Шунингдек, Наманганда сўнгги 9 ойда 6 мингдан зиёд тадбиркорлик фаолияти тиклангани хабар қилинди.

Янгиликлар