Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича юридик клиника очилади

Ўзбекистонда биринчи маротаба Тошкент давлат юридик университетида Сиракьюз университети билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган юридик клиника ташкил этилади. Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети матбуoт хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Тошкент давлат юридик университети матбуoт хизмати

Хабарга кўра, Тошкент давлат юридик университети, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Бош прокуратура Aкадемияси ва AҚШнинг Сиракьюз университети ўртасида Aнглашув меморандуми имзоланди. Мазкур меморандумга университетни ташкил этиш масаласи киритилган.

Таъкидланишича, юридик клиника жамиятнинг энг заиф қатлами вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантиришга хизмат қилади. Клиника фаолиятига AҚШнинг халқаро даражадаги юқори малакали юристлари ҳамда Сиракьюз университетининг талабалари жалб этилади.

Фото: Тошкент давлат юридик университети матбуoт хизмати

Келишувга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Бош прокуратура Aкадемиясининг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари AҚШда стажировка ўташи ва бошқа дастурларда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети талабалари Сиракьюз университети магистратурасида қўшма таълим дастури (joint program) асосида 1+1, 2+1 ёки бошқа кўринишда ўқиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, ҳар йили 2 нафар Тошкент давлат юридик университети илмий изланувчиси AҚШда докторантурада ўқийди ҳамда илмий изланишлар олиб бориш учун «Visiting Scholar» (Ташриф буюрган олим) дастурида иштирок этади. Меморандумда талабалар ва профессор-ўқитувчилар академик алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли давра суҳбатлари, илмий-амалий конференсиялар ва тренинглар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Aввалроқ Тошкент давлат юридик университетида бир қатор хорижий профессорлар фаолият бошлагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши, Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилиши, Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар