Чорвоқда чўмилиш ва моторли қайиқларда сузиш тақиқланди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ сув омборида 2020 йил 1 августдан чўмилиш ва моторли қайиқларда сузиш тақиқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Фото: Look My Trips

Маълум қилинишича, ушбу қарор Чорвоқ сув омбори жойлашган ҳудуд рельефининг мураккаблиги, сувнинг 220 метрдан чуқурлиги ҳамда сувда сузувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш, аксарият ҳолатларда аҳоли томонидан чўмилиш қоидаларига риоя этилмаслиги чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларга олиб келган ва 2 та скутернинг тўқнашиши оқибатида 2017 йилда 2 нафар ва 2015 йилдан 2020 йилнинг июл ойига қадар 8 нафар фуқаро чўкиш оқибатида вафот этганлигидан келиб чиқиб қабул қилинган.

Қайд этилишича, сув омборда махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларга ўз моторли қайиқларидан фойдаланишга рухсат этилади. Шунингдек, сув омборида тўпланаётган сувнинг санитария-гигиеник ҳолати маиший ва кимёвий чиқиндилар ташланиши сабабли тобора ёмонлашиб бораётгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўстонлиқдаги «снос»лар бўйича пресс-тур ташкил этилган эди.

Кейинчалик Бўстонлиқдаги ноқонуний қурилишлар юзасидан 8 та жиноят иши қўзғатилиб, 10 киши қамоққа олингани маълум қилинди. Шундан сўнг суд қарори билан бузилиши белгиланган иморатларнинг бирортаси одам яшаётган хонадон эмаслиги ҳақида хабар берилди.

Янгиликлар