Музработда салкам 6 минг аҳоли ишсиз фуқаро сифатида рўйхатга олинган

Сурхондарё вилоятида 8 октябрь, пайшанба куни  халқ депутатлари Музработ туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда салкам 6 минг аҳоли ишсиз фуқаро сифатида рўйхатга олинганлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Қайд этилишича, сессияда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларнинг турмуш даражасини ошириш, аҳолининг яшаш шароитин яхшилаш масалалари муҳокама қилинган. Унда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, сенатор, шунингдек, Қонунчилик палатаси депутати, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Сессияда таъкидланишича, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Туманда вилоят саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 2,5 фоизни ташкил этган. 46 миллиард 363 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бундан уч йил муқаддам туманда 396 кичик бизнес субъекти фаолият юритган бўлса, 2019 йил якунида уларнинг сони 866 тани ташкил этган. 141 минг 400 киши истиқомат қиладиган ҳудудда кичик бизнеснинг тўлақонли ривожланмагани сабабли меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5 минг 700 нафари ишсиз фуқаро сифатида рўйхатга олинган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Шунингдек, сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат этиб, уларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича «йўл харитаси» ҳақида маълумот берган. Туманни 2020 йил якунигача  «қизил» ҳудуддан «сариқ» ҳудудга, 2021 йил биринчи ярмида «яшил» ҳудудга ўтказиш вазифаси белгилаб олинган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилган. Унда журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтарилган.

Аввалроқ Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 21 нафар ва Самарқандда 5,7 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро доимий иш билан таъминлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар