Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 21 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 21 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳар ИИБ ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида шаҳардаги Ингичка қўрғони ҳудудида яшовчи ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилган.
Ярмаркада 3-сектор ҳудудидаги «Абдулла Қаххор», «Нуробод», «Ислом Шоир», «Усмон Носир» ва «Каттақўрғон» маҳалласида истиқомат қилувчи 200 нафар фуқаролар, шу жумладан, 110 нафар ёшлар иштирок этган.
Қайд этилишича, ярмарка доирасида 18 нафар ишсиз ёшларга ўзи қизиққан йўналиши бўйича касб-ҳунарга ўқитиш марказларига йўлланмалар берилган. Бундан ташқари, 21 нафар ёшларнинг ўз соҳаси бўйича бандлиги таъминланган.
Бундан авввал Ўзбекистон туманида ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 15 киши ва Тошлоқда ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 33 нафар фуқаро иш билан таъминлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Каттақўрғонда икки мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши ҳамда Қўштепада ташкил этилган «Меҳнат ярмаркаси»да 21 киши иш билан таъминлангани маълум қилинди.