Пастдарғомда истеъмолчилардан 426 млн сўм қарздорлик ундирилди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг 4 та сектор раҳбарлари ҳамда тумандаги энергия етказиб берувчи корхона вакиллари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида тадбирлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Пастдарғом туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, огоҳлантириш ва тушинтириш ишлари олиб борилишига қарамай газ, электр энергиядан бўлган қарздорлигини ўз вақтида тўламаётган корхона ва хонадонлар белгиланган тартибда энергия тармоқларидан узиб қўйилмоқда. Қарздорлик тўлангач, истеъмолчи сифатида қайта тармоққа уланмоқда.

Хабарга кўра, ўтказилган рейд-тадбирлари давомида тумандаги 374 та хонадоннинг табиий газдан 554 миллион сўм тўланмай келинаётган қарздорлиги аниқланган ва тармоқдан узилган. 248 та хонодон эгалари 224 миллион сўм қарздорлигини тўлаб берган ва тармоққа қайта уланган.

Шунингдек, тумандаги улгуржи истеъмолчилардан 37 корхона 679 миллион сўм қарздорлиги туфайли газ тармоғидан узилган. Уларнинг 13 таси 202 миллион сўм қарздорлигини тўлаб, тармоққа қайта уланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилганди. Шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокими 6,5 миллион сўмдан ортиқ қарзи бор ошхонани электр таъминотидан уздиргани хабар қилинди.

Янгиликлар