Самарқанд шаҳрида корхонадан 416 млн сўм солиқ қарздорлиги ундирилди
Самарқанд шаҳридаги «Sherzod building system» масъулияти чекланган жамиятидан жами 416 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими хабар берди.
Таъкидланишича, Самарқанд шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг қарорига кўра, қарздор «Sherzod building system» масъулияти чекланган жамиятидан 362 миллион 3 минг сўм солиқ қарздорлиги ундирилган. Шунингдек, шаҳар иқтисодий судининг ҳужжатига асосан «Anvar Zamon Nur» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 54 миллион 6 минг сўм ундирилган.
Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ҳужжатга асосан ижро иши юритиш қўзғатилиб, томонларга юборилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли банкдаги ҳисоб-рақамига давлат ижрочисининг қарорига асосан банд солинган ва унга тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутассадига сўров хатлари юборилган.
Aввалроқ Карманада МИБ 80 нафар фуқарога 332 миллион сўмлик иш ҳақини ундиргани ҳақида хабар берилганди.