Андижонда «Isuzu» «Labo» билан тўқнашиши оқибатида учта машина шикастланди

Андижон вилояти Олтинкўл туманида 9 ноябрь, душанба куни «Isuzu» автомашинаси «Labo» билан тўқнашиши оқибатида учта машина шикастланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 9 ноябрь куни соат 15:30 атрофида Олтинкўл тумани «Қўштепа» маҳалласи ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 425-километр қисмида 5 та автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Таъкидланишича, Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро И.Ш. бошқарувидаги «Isuzu» русумли юк автомашинаси ўзи билан бир йўналишдаги ва чап томонга бурилмоқчи бўлган Олтинкўл туманида яшовчи фуқаро З.Қ. бошқарувидаги «Labo» автомашинаси билан тўқнашиб кетган.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, ушбу тўқнашув оқибатида «Labo» автомашинаси қарама-қарши йўналишига ўтиб кетиши Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро Р.М. бошқарувидаги «Nexia», Асака туманида яшовчи Т.Ф. бошқарувидаги «Damas» ҳамда Бўстон туманида яшовчи М.Ш. бошқарувидаги «Nexia» автомашиналари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши сабаб бўлган.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида «Labo» автомашинасида бўлган йўловчи Андижон шаҳрида яшовчи Қ.Ж. тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бешариқда «Lacetti» уриб юборган 8 ёшли қиз шифохонада вафот этгани ва Юнусободда «BMW» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида 8 та автомобиль шикастлангани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Асакада қарздорлик сабаб чироқлари ўчирилган трассадаги ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди ҳамда Навоийда бир нечта юк ва енгил автомобиллари иштирокида содир бўлган ЙТҲ бўйича маълумот берилганди.