Инсоният тарихида 2020 йил энг иссиқ йил деб топилди

Европа Иттифоқи иқлимни мониторинг қилиш хизмати мутахассислари ўтган — 2020 йилни инсоният тарихидаги энг иссиқ йил деб топди. Бу ҳақда «AFP» хабар берди.

Фото: «postdoc»

Таъкидланишича, шунга ўхшаш кўрсаткич 2016 йилда ҳам кузатилган. Бундай об-ҳавога эса Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал сувлари исиши ҳодисаси сабаб бўлган. 2020 йилда бу ҳодиса рўй бермаган бўлса-да, аммо ҳарорат рекорд даражага кўтарилган.

Эль-Ниньо ҳодисаси ҳар икки-етти йилда бир марта содир бўлади. Бу давр давомида илиқ ерусти сувлари тропик Тинч океанига оқиб ўтади, бу эса кенг ҳудудлар бўйлаб об-ҳавони ўзгартиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2015 йилдан бери ўтган олти йилда қайд этилган энг илиқ вақт доимий исиш тенденциясидан далолат беради. Глобал ҳароратнинг бир даражага кўтарилиши қурғоқчиликка, иссиқлик тўлқинларига, денгиз сатҳининг кўтарилишига ва кучли бўронларга олиб келиши мумкин.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Европада ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврдан 2,2 даража юқори ва 2019 йилга нисбатан деярли 0,5 даражага иссиқроқ бўлган. Арктика минтақасида исиш янада юқори бўлган: Сибирнинг шимолий қисми ва Арктиканинг бир қисми XIX аср ўрталаридаги кўрсаткичлардан деярли 7 даражагача иссиқроқ бўлган.

Аввалроқ  метеорологлар 2021 йилда жаҳонда кутиладиган ҳарорат ҳақида маълумот берган эди.

Янгиликлар