Шри-Ланкада автобус жарликка қулаши оқибатида 21 киши ҳалок бўлди
Шри-Ланканинг Марказий провинциясида жойлашган Котмале ҳудудида автобуснинг жарликка қулаб тушиши оқибатида 21 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий Adaderana портали полиция маълумотларига таяниб хабар берди.
Хабарга кўра, фожиали ҳодиса 8 май куни содир бўлган. Маълумотларга кўра, мамлакат Транспорт кенгашига тегишли автобус жанубдаги Катарагама зиёратгоҳидан Курунегала шаҳрига ҳаракатланаётганда йўлдан чиқиб, қарийб 100 метр баландликдан қулаб тушган.
ЙТҲ натижасида яна 35 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан Нувара-Элия ва Котмале шифохоналарига етказилган. Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган.
Расмийлар воқеа юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.