Ноқонуний контент тарқатган блогерлар фаолияти тўхтатилиши мумкин
Ўзбекистонда «Онлайн платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Ушбу қонуннинг мақсади, Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатувчи онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун лойиҳасида бир қатор тушунчалар аниқлаштирилган, жумладан, блогер, инфлюенсер, веб-сайт эгаси ва ёлғон ахборот каби атамалар кўрсатилган. Шунингдек, фойдаланувчилар, блогерлар, инфлюенсерлар ва веб-сайт эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.
Қонунда, онлайн-платформа фойдаланувчиларининг ўз аккаунтларини очиш, контент яратиш, тарқатиш, эркин фикр билдириши каби ҳуқуқлари тасдиқланган. Бунга қўшимча равишда, улар ноқонуний контентдан ҳимояланиш ва шахсий маълумотларнинг ҳимоясини таъминлашга ҳақлидирлар. Бироқ, улар қонунларга риоя қилиш ва ноқонуний контентни тарқатмаслик мажбуриятига эга.
Шунингдек, инфлюенсер ва веб-сайт эгаларига, ўз контентининг тўғрилигини текшириш, ёлғон ахборот тарқатмаслик ва фойдаланувчилар томонидан қолдирилган ноқонуний контентни ўчириш каби қўшимча мажбуриятлар юкланади.
Қонун лойиҳасига кўра, ваколатли орган билан ҳамкорлик қилмаган онлайн-платформаларга Ўзбекистон ҳудудида кириш тезлигини суд қарори асосида пасайтириш назарда тутилган. Шунингдек, ноқонуний контент тарқатган блогерлар ва инфлюенсерларнинг фаолияти тўхтатилиши мумкин.
Ҳужжатнинг жамоатчилик муҳокамаси 27 майгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси экспертлари иштирокида соҳани тартибга солувчи тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар бергандик.