Ўзбекистон айрим давлатларга нисбатан авиарейслар бўйича чеклов муддатини узайтирди

Ўзбекистон Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларига нисбатан авиарейслар бўйича чеклов муддатини узайтирди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси баёнотида айтилди.

Фото: «Shutterstock»

Таъкиланишича, мамлакатдаги эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар тўхтатилган эди.

Бугунги кунга қадар юқорида қайд этилган мамлакатларда эпидемиологик вазият мураккаблиги сақланиб колганлиги сабабли 2021 йил 10 январига қадар киритилган чеклов муддати махсус комиссиянинг қарори билан 2021 йилнинг 1 февралига қадар узайтирилди.

Маълумот учун, сўнгги 14 кун ичида юқоридаги мамлакатларда бўлган ва республикага учинчи давлатлар орқали кириб келган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхоналарда ёки карантин зоналарида 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни барқарор ушлаб туриш учун нима қилиш кераклигини айтгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистонга бир ҳафта ичида кириб келган 21 кишида коронавирус аниқланган эди.

Янгиликлар