Ўзбекистон коронавируснинг янги штамми сабаб 8 та давлат билан авиақатновларни тўхтатди

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилади.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, сўнгги кунларда айрим хорижий мамлакатларда, хусусан, Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикасида янги коронавирус инфекцияси аниқланиш ҳолатлари сони тубдан ошиб кетиб, эпидемиологик вазият кескин ёмонлашуви кузатилмоқда. Хусусан, 2020 йил 20 декабрь ҳолатида Буюк Британияда кунлик касаллик ҳолати 36 мингга, Германияда 21 мингга яқин, Италияда 15 мингдан, Нидерландияда 13 мингдан, Жанубий Африка Республикасида 9 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Ушбу мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аксарият Европа ва бошқа давлатлар томонидан эпидемиологик вазиятни мураккаблаштирмаслик мақсадида юқоридаги давлатлар билан халқаро авиаташувларни чеклаш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистонга киритилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистоннинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.

Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади.

Aввалроқ Европадаги 4 та давлат: Италия, Бельгия, Ирландия ва Германияда Рождество сабабли карантин юмшатилиши ҳақда хабар қилинган эди.

Айтилишича, илгари маълум бўлган COVID-19 вирусидан ҳам тезроқ тарқаладиган SARS-CoV-2 штамми Голландия, Дания ва Австралиядаги беморларда топилган. ЖССТнинг таъкидлашича, мутация кўпроқ юқумли касалликларга олиб келган бўлса-да, вирус ҳали хавфли даражадаги ҳолатларни келтириб чиқармаган.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда тарқалиш даражаси юқори бўлган коронавируснинг янги мутациясига CОVID-21 деб ном берилганди.

Янгиликлар