Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси 2020 йил биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан баёнот берди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси 2020 йил биринчи ярим йиллигида «Йўл харитаси»да белгиланган устувор вазифалар доирасида бир қатор ишларни амалга оширди, деб хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси.

«Пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжатнинг жойлардаги ижроси, уларда назарда тутилган имтиёзларнинг фуқаролар ва тадбиркорларга манзилли етказилиши ҳолати юзасидан 106 та мониторинг тадбири ўтказилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 апрелдаги ‘Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида’ги қарори ижросини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Андижон, Фарғона вилоятларида ўрганилиб, ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилотларга тегишли тавсиялар берилди.

Қўмита томонидан Қонунчилик палатаси фаолиятининг 2020 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига, қуйи палатада тасдиқланган дастур ва режаларга мувофиқ, қонун ижодкорлиги, парламент назорати, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш каби муҳим йўналишларни янада такомиллаштириш бўйича қамровли ишлар олиб борилди.

Қўмита ҳисобот даврида қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида 5 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди. Шундан битта қонун қабул қилинди, қолганлари биринчи ва иккинчи ўқишга тайёрланмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Экологик кодексни ишлаб чиқиш бўйича 79 нафар аъзодан иборат эксперт гуруҳи шакллантирилиб, унинг 14 та йиғилиши ўтказилди. Экологик кодекс лойиҳасининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилди.

Ўтган даврда қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича 64 та ишчи гуруҳ ва 16 та экспертлар гуруҳи йиғилиши ташкил этилди. Қизғин муҳокама ва мунозаралар натижасида қўмитага келиб тушган қонун лойиҳаларининг 2 таси концептуал жиҳатдан қайта ишланиб, қарийб 35-40 фоизгача ўзгартирилди.

Парламент назоратини амалга ошириш доирасида қўмита томонидан 18 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Шундан 8 таси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, 6 таси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга тааллуқлидир.

Ҳисобот даврида қўмита аъзолари томонидан 7 та депутат сўрови юборилди. Шунингдек, қўмитага келган 588 та мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг соҳалар кесимидаги таҳлилига кўра, ижтимоий соҳага — 202 та, экология соҳасига — 125 та, молия ва тадбиркорлик соҳаси — 46 та, коммунал соҳасига — 43 та, суд-ҳуқуқ соҳаси — 38 та ва бошқа соҳаларга 134 тани ташкил этади.

Ўтган даврда жисмоний ва юридик шахслардан келган 176 та мурожаатга ижобий ечим топилди.

Хусусан, Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Ф.С. мурожаати асосида унинг хонадонига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бир ойлик уй ижара тўлови масалалари ҳал этилди. Норин тумани Қорадарё қирғоғидаги ноқонуний чиқиндихона бартараф этилиб, ўрнига терак кўчатлари экилди. Миришкор маҳалласидаги ичимлик суви очтириб берилди. Наманган шаҳри «Юқори Ровустон» маҳалласида яшовчи М.Қ.нинг 9 ёшли фарзандини Республика кўкрак хирургияси илмий марказида юрагини даволатишга кўмаклашилди. Чироқчи тумани тоғли ҳудудлари аҳолисига 4 тонна арзон ун олиб берилишига кўмаклашилди.

«Кейинги пайтларда қўмита аъзолари томонидан сайловчилар билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятидан унумли фойдаланилиб, масофавий ишлашни кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳисобот даврида қўмита депутатларидан 10 нафари ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда онлайн мулоқотлари асосида сайловчилардан 160 дан ортиқ мурожаат қабул қилиб олди. Улардан 25 таси ўрнатилган тартибда ҳал этилди, 13 тасини ҳал қилиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Қолган мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ўтган даврда қўмита фаолияти ва унинг масъуллигида қабул қилинган қонунлар юзасидан ОАВда жами 1236 та чиқиш қилинди», —дейди Борий Алихонов.

Аввалроқ Ўзбекистонда давлат бюджетининг 6 ойлик дефицити миқдори маълум қилинди.

Янгиликлар