Андижондаги «Меҳнат ярмаркаси»да 300 нафардан ортиқ фуқаро ишга жойлашди
Андижон шаҳридаги «Меҳнат ярмаркаси»да 300 нафардан ортиқ фуқаро ишга жойлашди. Бу ҳақида вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Лола қўғирчоқ театри»да ўтказилилган навбатдаги «Меҳнат ярмаркаси»да Андижон вилоятидаги жами 494 нафар ишсиз ва доимий иш ўрнига эга бўлмаган фуқаро иштирок этди. Унда ҳудуддаги 185 та корхона ва ташкилотнинг мавжуд 3695 та бўш иш ўрни фуқароларга таклиф этилган.
Ярмарка давомида 318 нафар фуқарога ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди. 12 нафари қайта касбга ўқитиш мақсадида касбга ўқитиш курсларига юборилди. 26 нафари жамоат ишларига жалб этилди. Шунингдек, 176 нафар фуқарога меҳнатга оид масалалар юзасидан меҳнат қонунчилиги доирасида зарур маслаҳатлар берилди.
Шу куннинг ўзида Андижон вилояти ҳокимлигида вилоят фаоллари, маҳалла тизими масъул ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ташкилий масала сифатида Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Болтабаев Шокиржон Мамажонович Андижон вилояти ҳокими ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи сифатида таништириб ўтилди.
Йиғилишда Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев, Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновлар иштирок этди.
Маълумот учун, Наманганда «Меҳнат ярмаркаси»да 180 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижондаги «Меҳнат ярмаркаси»да 64 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлгани, Когонда 50 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани ҳамда Пахтаободда Андижон вилояти прокурори томонидан 14 нафар битирувчига тикув машинаси берилгани ҳақида хабар қилинганди.
Бундан ташқари, Чортоқда ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 100 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.