Гулистондаги портлашдан сўнг Андижондаги кислород станциялари ҳолати текширилди
Андижон вилояти ҳокими бошчилигида кислород станцияларида вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш мақсадида алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, 9 та шифохоналар қайта кўздан кечирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳокимлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Андижон вилоятида коронавирус ва пневмония касаллигига чалинган беморларни даволаш учун 100 фоиз кислород билан таъминланган 2 минг 142 ўринли 14 та муассаса, 1 та давлат, 10 та хусусий ва 3 та тақсимловчи пункт захира қилинган.
Таъкидланишича, бу жойларга асосан, вақтинчалик 16 та кислород станциялари ўрнатилган. Кислород баллонлардан станциянинг қуввати етмаётган 4 та муассасаларда фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, COVID-19’га мослаштирилмаган шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари шифохоналари ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида 211 та кислород баллонлардан фойдаланилмоқда.
Шу билан бирга, хавфсизликни таъминлаш мақсадида кислород балонлар вентиллари ҳимояловчи калпаклар, хавфсизлик резина белбоғлари жиҳозланган. Балонлар занжирли тасма билан маҳкамланган.
Мавзуга доир: Наманган шаҳрида Гулистондаги портлашдан сўнг коронавирус беморларини даволовчи шифохоналар ҳолати ўрганилди
Аввалроқ Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Aлпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирусга гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида портлаш юз бергани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мажмуадаги кислород баллони ёрилиши оқибатида портлаш содир бўлганини тасдиқлаб, фуқароларга тан жароҳати етганини маълум қилганди. Вазирликнинг рус тилидаги ахборотида портлаш оқибатида камида бир киши енгил тан жароҳати олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган.