Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони қанчалиги маълум бўлди

Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони қанчалиги маълум бўлди. Бу ҳақда 11 декабрь, жума куни АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида Ахборот технологиялари ва коммуникцияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Унинг сўзларига кўра, интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22,1 миллиондан ошган, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 19 миллионни ташкил этган.

«Магистрал транспорт телекоммуникация тармоғини янада ривожлантириш бўйича 2 та лойиҳа якунланди. Натижада республика бўйича 237 та объектда қурилмалар ўрнатилади. Шунингдек, «Оптик толали алоқа линияларини қуриш» лойиҳаси доирасида режалаштирилган объектларга қадар 19 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 55,6 минг километр га етказилди (йил режаси 10 минг километр)», — дейди вазирлик матбуот котиби Шерзод Аҳматов.

Таъкидланишича, 2020–2022 йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш доирасида аҳоли пунктларини интернет тармоғига улаш даражаси, шу жумладан кенг полосали уланиш портларини 2,5 миллионгача кўпайтириш, 20 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш орқали, кенг полосали мобил алоқа қамров даражасини 95 фоизга етказиш белгиланган.

«Бугунги кунда Халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.ни ташкил этмоқда. Оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36,1 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с. учун 45,0 минг сўмни (4,3 доллар) ташкил этди», — дейди Шерзод Аҳматов.

Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолиси интернетга энг кам уланган ҳудуд Сирдарё вилояти эканлиги ва Ўзбекистонда ўтган 9 ой давомида 100 та уй хўжалигига 285 та мобиль телефон тўғри келиши маълум қилинган эди.

Кейинчалик Ўзбекистонда 100 та хонадонга 161 телевизор тўғри келиши ҳамда Ўзбекистонда ўтган 9 ой давомида 100 та хонадонга 56 та компьютер тўғри келиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар