Қайд этишлиича, бузилган объектлар учун компенсацияни қоплашга маблағ бор ёки йўқ эканлигига қарамай «ура-ура»чилик оқибатида қисқа вақт ичида қўплаб хусусий мулкларга зарар етказилди, айримларда хусусий мулк дахлсизлигига бўлган ишонч синди ва синмоқда.

«Бугун эса етказилган зарарларни қоплаш ўлганнинг устига тепгандек кўпгина режаларнинг тўхтаб қолишига ҳам сабаб бўляпти. Айниқса, ривожланишнинг асосий кафолати бўлган инвестиция жалб этиш масаласи ҳаммасидан ҳам хавотирли.

Бировнинг пешона тери билан қурган жойини асоссиз, розиликсиз бузишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бунга йўл қўйиш зулм билан баробар, зулм эса ёмон», — дейди Расул Кушербаев.

Такидланишича, инвестиция жалб этишда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим талаб эканлиги ва асосий иш ўрни яратувчилар, солиқ тўловчилар ҳам хусусий мулк эгалари бўлган тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келишини инобатга олинса, айнан «снос» масаласида маълум муддатга мораторий эълон қилиш айни пайтда муаммони ечишнинг тўғри йўли ҳисобланади.

«Мораторий бўлмас экан, жойлар алоҳида гуруҳларнинг манфаати учун бузилиши, ерларнинг асоссиз олиб қўйилиши давом этиши мумкин», — деб ёзади депутат.

Бундан ташқари у биз нафақат қоғозда, балки амалда ҳам хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган, турмуши фаровон, Конституцияси устувор жамиятда яшашни истаймиз холос, деб фикр билдирган.

«‘Снос’га қарши мораторий айрим жойларда хусусий мулк дахлсизлиги нима эканлигини тушунмайдиган, Конституция ва қонунлардаги талаблардан чуқур хабардор бўлмаган фаол ‘ижрочи’ларнинг қаернидир бузиб, ерни олиб қўяман, деган фикридан воз кечиб, шу юрт келажаги учун ўз ҳаракатларини ўйлаб кўришга ундаган, фуқароларда эса ишонч уйғотиб, инвестиция иштиёқини оширган бўлар эди.

Биз нафақат қоғозда, балки амалда ҳам хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган, турмуши фаровон, Конституцияси устувор жамиятда яшашни истаймиз холос», — дейди у.

Кушербаевнинг маълум қилишича, 18 декабрь куни соат 15:00 да Учтепа туманлараро судида «снос» билан боғлиқ яна бир суд иши кўриб чиқилади. Фуқаро С.Ногай Шайхонтоҳур туманидаги Навоий кўчасида жойлашган 125 квадрат метр дўкони бузиб ташланганлиги учун Тошкент шаҳар ҳокимиятидан 1,2 миллиард сўм зарар ундиришни сўрамоқда. Ишни собиқ депутат, айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Н.Муродов кўриб чиқиши белгиланган.

«Бундай ишларни кўриб чиқиш осон эмас. Айниқса, ҳалигача ижро ҳокимияти тизимида ҳар қандай ҳокимиятга таъсир кўрсатиш имкониятлари сақланиб қолаётган бир пайтда катта миқдордаги маблағни фуқарога ундириб бериш масаласини ҳал этиш судьядан ҳам профессионал билим, малака ва журъат талаб қилади. Бироқ нима бўлганда ҳам биз жараённинг таъсирлардан холи, мустақил ва адолатли ҳал этилиши тарафдоримиз ва воқеалар ривожини кутамиз», — дея қўшимча қилган Расул Кушербаев.

Аввалроқ Кушербаев Aндижон ҳокимига тегишли аудиога муносабат билдирган эди.