Самарқанд шаҳрига 2020 йил давомида қанча сайёҳ келгани маълум бўлди

Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов 8 декабрь, сешанба куни 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва шаҳарни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича халқ депутатлари кенгашида мурожаат билан чиқиш қилди. Унда шаҳарга 2020 йил давомида қанча сайёҳ келгани хусусида маълумот берди, деб хабар бермоқда «Tez News»мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Ҳокимнинг сўзларига кўра, Самарқандга 2019 йилда жами 3 120 000 нафар сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, 2020 йил ушбу кўрсаткич 500 минг нафарни ташкил этган. Шаҳардаги 250 та жойлаштириш воситаларида 2020 йилнинг 9 ойи учун 120 минг нафар хорижий фуқароларга жойлар банд қилинган, ташрифлар бекор қилиниши оқибатида улар 95 миллиард 300 миллион сўмлик тушумлардан маҳрум бўлган.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

«Туризм коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган ва кўраётган соҳалардан бири бўлди. Ушбу вазият туфайли шахримизга ташриф буюрган туристлар сони ҳамда улар ташрифидан олинадиган туристик хизматлар экспорти кескин камайди.

Лекин шунга қарамасдан тадбиркорларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва сай-ҳаракатлари билан ҳамкорликда 2020 йил 11 ой якуни билан 60 дан зиёд туристик лойиҳалар ишга туширилди, жумладан меҳмонхона ва меҳмон уйлари, кўнгил очар масканлар фойдаланишга топширилди», — дейди мурожаатда Бобурмирзо Облақулов.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Таъкидланишича, бугунги кунда пандемия шароитига қарамасдан сайёхлик ташкилотлар томонидан Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг тоғли ҳудудларида, табиат қўйнида турли хил тематик ўзига хос мухитга эга дам олиш масканларига саёхатлар маршрутлари кенгайтирилган. Хусусан, Самарқанд шаҳри Боғибаланд МФЙда жойлашган «Анжирзор» маскани ташкил этилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги илк гастрономик кўча очилган, Ислом Каримов, Алишер Навоий ҳамда «Ипак йўли» туризм халқаро университети туташ ҳудудида «туризм таълим боғи» лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқиш қилиб боради.

Аввалроқ Ўзбекистонда хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда янги тизимни жорий этиш тартиби тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар