Ўзбекистонда хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда янги тизимни жорий этиш тартиби тасдиқланди

Ўзбекистонда хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда янги «Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган» тизимини жорий этиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда «Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази» ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 6 октябрда куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан «Туризм ва ёндош инфратузилма объектлари ҳамда туристик хизматларни санитария-гигиена жиҳатдан хавфсиз хизмат кўрсатиш талаблари асосида сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги» Низом ҳам тасдиқланган.

Фото: «Tez News»

Ушбу Низом жойлаштириш воситалари, транспорт, умумий овқатланиш объектлари ва кўнгилочар, маърифий, ишбилармонлик, жисмоний тарбия-спорт объектлари ҳамда туристик хизматларни санитария-гигиена жиҳатидан хавфсиз хизмат кўрсатиш талаблари асосида сертификатлаштириш тартибини белгилайди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, санитария-гигиена жиҳатидан хавфсиз хизмат кўрсатиш талаблари асосида сертификатлаштириш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Сертификатлаштириш Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» Давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.

Сертификатлаштиришнинг ижобий натижасига кўра сертификатлаштириш объектларига «Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган» (Uzbekistan. Safe travel guaranteed) махсус танитиш белгиси ва тегишли сертификат берилади. Сертификатни амал қилиш муддати уни рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 12 ойни ташкил қилади.

Aввалроқ Наманган шаҳридаги «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳи туризм марказига айлантирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар