Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ташкил этилди

Давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида мулоқот муҳитини шакллантириш, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, чет давлатлардаги йирик корпорация ва савдо тармоқлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси тузилди, дея хабар берди Xabar.uz

Мамлакатимиз иқтисоди ва бизнес олами учун янгилик бўлган мазкур ассамблея ўзида 12 та маҳаллий илғор ассоциация ва миллий марказларни бирлаштиради.

Унинг ўз олдига қўйган устувор вазифалари давлатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таьминлаш, уларнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларини юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашишдан иборат ҳисобланади.

Ассамблея қошида халқаро арбитраж суди, медиамарказ, тадбиркорликка тайёрлаш ва малака ошириш бўйича бизнес академия, хорижий бозорларга чиқишга мўлжалланган электрон платформа ҳамда IT бўлимлари ишбилармон доира вакилларига хизмат кўрсатади.

Ассамблея ўз дастурига кўра, хорижий иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, халқаро кўргазма ва бизнес форумлар ташкил этиш бўйича ҳам фаолият олиб боради. Шу билан бирга, миллий брендлар яратиш, маркетинг, менежмент ва бизнес доира вакиллари учун касб байрамларини ташкиллаштириш устида ишлайди.

Аввалроқ, Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси ва марказлари ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир: Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилди

Янгиликлар