Наманган шаҳрида тадбиркорнинг 16 млн сўм ва 900 долларини ўғирлаган шахслар ушланди

Наманган шаҳар «Aфсоналар боғи» ҳудудида кетаётган шахснинг пул солинган ҳамёнини 6 октябрь куни тунги соат 01:30 ларда ўғирлаб кетган 3 киши қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 6 октябрь куни тунги соат 01:30 ларда Наманган шаҳрида тадбиркорнинг 16 миллион сўм ва 900 доллар пули солинган ҳамёнини 3 киши ўғирлаб кетиб, воқеа жойидан яширинган. Шундан сўнг жабрланувчи ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Aризага асосан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими олиб борган тезкор қидирув ҳамда суриштирув натижасида ушбу жиноятни содир этган шахслар аниқланиб, улардан ашёвий далиллар олинган.

Ҳолат юзасидан бошқарма ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 7 октябрь куни Жиноят кодексининг 166-модда (Талончилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Маълумот ўрнида, юқоридаги жиноятни содир этган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Aввалроқ Наманганда мактаб ўқувчиси машинадан 1,2 миллион сўмлик телефон ва 50 доллар ўғирлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар