Олмалиқ ҳокими ўғли билан боғлиқ воқеалар ортидан ишдан олинди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳмимов ўғли билан боғлиқ воқеалар ортидан ишдан олинди. Унинг ўрнига Хамдамов Қобил Муротқулович ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, тайинловга қадар Хамдамов Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Фото: Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишча, йиғилиш давомида вилоят ҳокими Рустам Холматов шаҳрни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйилган хато-камчиликларни тилга олган. Бундан ташқари, собиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўз шахсий ҳаётига эътиборли бўлиши, оиласига вақт ажратиши ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиши кераклиги таъкидланган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бундан аввал Олмалиқ собиқ ҳокимининг ўғли 150 км/соат тезликда машина ҳайдаган видеосини TikTok’га жойлагани ва ҳоким ушбу ҳолатга «анча бўлган»ини айтганди. Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, «Tracker» русумли автомобиль ҳайдовчиси — 20 ёшли Исмоилов Дилшод Усмон ўғлига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган.

Кейинчалик Олмалиқ ҳокимининг ўғлига ўхшаш йигитнинг жанжал иштирокчисига айлангани ҳақида видео тарқалгани ҳақида хабар берилган эди. Аниқланишича, ушбу йигит ҳақиқатдан ҳам Олмалиқ собиқ ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли эканлиги ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари тиклангани маълум қилинганди.

Янгиликлар