Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг совға олиши қонун билан тақиқланиши мумкин
Ўзбекистонда давлат хизматида коррупциянинг олдини олишга қаратилган янги нормалар жорий этилади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ва соҳага халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қонунчиликка қатор янги механизм ва нормаларни киритиш таклиф этилган.
Хабарга кўра, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ишларини якунлаш ва уни қисқа муддатда Парламентга киритиш белгиланган. Мазкур қонун билан «совға» тушунчасига аниқлик киритилиб, давлат хизматчилари томонидан совға олиш ва бериш тартибини белгиловчи «Совға сиёсати» деб номланган алоҳида боб билан тўлдирилади.
Шунингдек, давлат органларида коррупция ҳолатлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қонун билан тартибга солинадиган Давлат хизматчиларининг одоб-аҳлоқ кодекси ишлаб чиқилади. Мазкур кодексда давлат хизматчилари учун чекловларнинг аниқ рўйхати белгиланади.
Бундан ташқари, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган фуқаронинг ҳимояси кафолатланиб, унинг шахси сир сақланиши тўғрисидаги норма билан тўлдирилади.
Мавзуга доир: Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қандай ҳуқуқлар берилиши мумкинлиги маълум бўлди
Аввалроқ Дастурлаш соҳасидаги танловлар эълон қилиб бориладиган «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга тушиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тузилиши маълум қилинганди.