Фарғонада инспекторга 250 доллар пора таклиф қилган фуқаро қўлга олинди

Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида 9 декабрь куни инспекторга 250 доллар пора таклиф қилган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 9 декабрь куни фуқаро A.A. Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими маъмурий амалиёт инспектори M.A.га мурожаат қилган. У жияни С.М. Фарғона шаҳар ҳудудида «Nexia-3» машинасини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқарганлиги учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси жарима майдонига жойлаштирганлигини айтган.

Шунингдек, С.М. нинг ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилмасдан суд томонидан қўлланиладиган жарима миқдорини камайтиришда ёрдам беришини сўраб, эвазига 250 доллар миқдорида пулларни пора тариқасида таклиф қилган. Таъкидланишича, фуқаро A.A. га инспектор томонидан ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиб, ҳаракатида пора бериш жинояти борлиги ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирилиб, жиноятдан қайтаришга ҳаракат қилинишига қарамасдан фуқаро пора таклиф қилишда давом этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси вилоят бўйича бўлими, вилоят ИИБ ҳамда Фарғона шаҳар прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида A.A исмли шахс ЙҲХБ инспекторига 250 доллар миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтда ушланиб, пуллар ашёвий далил тариқасида олинган. Ҳолат бўйича тегишли тартибда процетссуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилган.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида «Nexia 3»ини жарима майдонидан чиқариш учун ЙПХ инспекторига пора таклиф қилган эркак ушлангани, Тошкент темир йўл вокзали қўриқлаш хизматига ишга киритиб қўйиш учун 2 минг доллар олган эркак ушлангани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Булунғурда 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ва Бухорода 45 миллион сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар