«Ўзэкспомарказ»да коронавирусдан даволанаётган беморлар Зангиотадаги шифохонага кўчирилади

«Ўзэкспомарказ»да коронавирусдан даволанаётган беморлар Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасига кўчирилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Мутахассиснинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашаётгани сабабли коронавирусга чалинган ва гумон қилинган беморларга муолажанинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида «Ўзэкспомарказ»нинг 3 ва 4 павильонларидаги саралаш ва тақсимлаш маркази ва «Универсал» спорт мажмуасидаги саралаш ва тақсимлаш марказига коронавирус аниқланган ва унда гумон қилинган беморларни қабул қилиш тўхтатилди. Бу муассасаларда даволанаётган беморлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.

Таъкидланишича, коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар ҳам Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилган. Ушбу шифохонада ҳам юқори малакага эга бўлган акушер-гинекологлар, реаниматологлар, неонатологлар ишлайди ҳамда муассаса барча керакли моддий-техника базаси билан таъминланган.

Шунингдек, вақтинчалик шифохоналарда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан меҳнат шартномалари тегишли тартибда бекор қилиниб, улар аввалги иш жойларига қайтарилиши маълум қилинган.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар перинатал марказига 2 декабрдан бошлаб короновирус инфекциясига гумон қилинган, касалланган ҳомиладор аёлларни қабул қилишни тўхтатилганди.

Ҳозирда Ўзбекистонда пандемия хавфи нисбатан камайгани туфайли 159 та тиббиёт муассасасидан 32 таси коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан шуғулланмоқда.

Аввалроқ «Ўзэкспомарказ» ва «Универсал»даги тақсимлаш марказлари ёпилгани ва Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохоналарида иккита янги бўлим очилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар