Тошкентда пойгалашиб, авария ҳолатини содир этган иккита автобус ҳайдовчилари жаримага тортилди

Тошкент шаҳри Шота Руставели кўчасида 11 декабрь куни пойгалашган иккита автобус ҳайдовчилари жаримага тортилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» Aкциядорлик жамияти маълум қилди.

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат» Aкциядорлик жамияти

Хабарга кўра, 11 декабрь куни соат 14:50 ларда «4–Aвтобус саройи» МЧЖ тасарруфидаги 38–сонли йўналишдаги автобус ҳайдовчиси ҳамда «12–Aвтобус саройи» МЧЖга бириктирилган 58-сонли йўналишдаги автобус ҳайдовчиси, Шота Руставели кўчасида пойгалашган.

Таъкидланишича, «Тошшаҳартрансхизмат» AЖ Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув натижасида, қоидабузар ҳайдовчилар аниқланган.

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат» Aкциядорлик жамияти

Йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйганлиги ва авария ҳолатини содир этганлиги учун, икки ҳайдовчига нисбатан 2020 йилнинг 12 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-5 моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, мазкур моддага асосан, ҳайдовчиларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима белгиланган.

фото: «Тошшаҳартрансхизмат» Aкциядорлик жамияти

Аввалроқ Тошкентда пойгалашган автобус ҳайдовчилари ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида йўналишли автобуслардан бири ёниб кетгани ҳамда Пайариқда автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида машина йўл четига ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар