Тошкентда йўловчи талашган автобус ҳайдовчиларидан транспортни бошқариш ҳуқуқи олиб қўйилди  

Тошкент шаҳрида 4 декабрь куни йўл талашиб, бир-бирига урилган икки автобус ҳайдовчиларидан транспорт бошқариш ҳуқуқи 1 йилга олиб қўйилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти хабар берди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Маъмурий суди томонидан 11 декабрь куни мазкур ҳолат кўриб чиқилган. Унга кўра, 4 декабрь куни «2-автобус саройи» МЧЖга бириктирилган 72-йўналишдаги автобус ҳамда «5-автобус саройи» МЧЖга бириктирилган 148-йўналишдаги автобуснинг ҳайдовчилари томонидан содир этилган ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган ҳуқуқбузарлик иши юзасидан расмийлаштирилган баённома ва ҳужжатлар тўпланган.

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани маъмурий суди қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 ва 134-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликлари учун ҳар икки ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасини бошқариш хуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни 72 ва 148-сонли автобус йўловчи талашиб катта тезликда хавфли равишда ҳаракатлангани юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди.

Аввалроқ Тошкентда пойгалашган автобус ҳайдовчилари ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида йўналишли автобуслардан бири ёниб кетгани ҳамда Пайариқда автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида машина йўл четига ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар