Фото: Наманган ҳокими кунига 2 минг дона шифер ишлаб чиқараётган корхонанинг иш фаолияти билан танишди

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Норин туманидаги МЧЖ томонидан амалга оширилаётган шифер ишлаб чиқариш лойиҳасини кўздан кечирди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати — 1,5 миллиард сўм. Бундан 600 миллион сўми тадбиркорнинг ўз маблағи, 900 миллион сўми эса банк кредити ҳисобланади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Корхона раҳбари Жаҳонгир Обидовнинг айтишича, ҳозирда икки сменада иш ташкил этилган ва кунига 2 минг дона шифер ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида бу кўрсаткич 3 мингтага етказилади ва 30 киши доимий иш билан таъминланади. Шиферлар Норин тумани ва Наманган шаҳридаги қурилиш бозорлари ҳамда дўконларда сотилмоқда.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Маҳаллий шароитда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кўпайиши барпо этилаётган бино ва иншоотлар таннархига сезиларли таъсир кўрсатади. Пировардида бу аҳолига таклиф этилаётган уй-жойлар нархи арзонлашишига ҳам хизмат қилади. Шу боис биз бундай лойиҳалар ва уларга қўл урган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дейди вилоят ҳокими.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ «Ургут» эркин иқтисодий зонаси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжонга маҳсулот экспорт қилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Вобкент тумани январь—июль ойларида қарийб 4 минг долларлик маҳсулотларни экспорт қилди.

Янгиликлар