«Коронавирусдан уйда даволанаётган беморларга шифокорлар телефон орқали маслаҳат беради» — Севара Убайдуллаева
Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда 14 август куни ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева коронавирусдан уйда даволанаётган беморларга шифокорлар нега фақат телефон орқали маслаҳат бераётганига изоҳ берди.
Таъкидланишича, коронавируснинг жиддийлигини ҳисобга олиб, беморлар билан алоқада бўлишнинг олдини олиш ва шифокорлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида телефон орқали маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилган.
«Кун давомида оилавий шифокорга коронавирус билан касалланган кўплаб беморлар қўнғироқ қилади, лекин биз коронавирус юқтирмаганлар ҳақида ҳам унутмаслигимиз керак. Уларда ҳам бошқа сурункали касалликлар бўлиши мумкин, оилавий шифокор ва тез ёрдам уларга ҳам ёрдам кўрсатиши керак.
Беморнинг саломатлиги ёмонлашса, оилавий шифокорингизни шошилинч огоҳлантиринг, улар сизга мобиль бригада келишини ташкиллаштиришади. Aгар касалхонага ётқизиш керак бўлса, стационарга олиб боришади», — дейди Севара Убайдуллаева.
Эслатиб ўтамиз, бош вазир Aбдулла Aрипов раҳбарлигида 16-июль куни ўтказилган йиғилишда уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланганди. Шунингдек, вирусолог Раъно Қосимова «Тез ёрдам» дастурида коронавирусдан уйда даволанаётган беморлар нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақда маълумот бергани хабар қилинган.