Наманган ва Свердловск вилоятлари ўртасида туризм бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Наманган ва Свердловск вилоятлари ўртасида туризм бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳамкорлик меморандуми 2020 йил 14 август куни вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Россиянинг Свердловск вилояти туризмни ривожлантириш маркази ўртасида имзоланган.

Қайд этилишича, меморандум 2019 йил ноябрда имзоланган Наманган вилояти ҳокимлиги ва Свердловск вилояти ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик келишувидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган. Меморандум Наманган вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дилмурод Жумабаев ва Свердловск вилояти туризмни ривожлантириш маркази директори Элмира Туканова томонидан имзоланган.

Шунингдек, меморандумда икки вилоят ўртасида туризм соҳасида ахборот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, туризм секторига ўзаро инвестициялар жалб этиш, туризм маҳсулотлари тарғиботини амалга ошириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик қилиш назарда тутилган. Шу билан бирга, ҳамкорлик меморандумида белгиланган мақсадларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда.

Aввалроқ Наманганда Ўзбекистондаги энг йирик масжид, ҳунармандлар маркази ва савдо маркази қурилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда қиймати 800 минг доллар бўлган 120 ўринли дам олиш маскани қурилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар