Самарқандда 9,5 мингдан ортиқ абитуриент тестга келмади. 230 нафар абитуриент кириш имтиҳонларидан четлатилди

Самарқанд вилоятида 12 сентябрь куни кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовлари якунланди.

Маълум қилинишича, тест синовлари 6120 та тайёрланган ўринда 2–12 сентябрь кунлари икки навбатда ўтказилган. Кириш имтиҳонларида вилоятда тест топшириши белгиланган жами 132 248 абитуриентдан 122 325 нафари тестда иштирок этган ва 9690 нафари номаълум сабабларга кўра қатнашмаган.

Қайд этилишича, тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга тақиқланган воситаларни олиб киришга урингани учун 98 нафар, бировнинг ўрнига кирмоқчи бўлгани учун 14 нафар, тест жараёнида тақиқланган воситалардан фойдалангани учун 115 нафар, бировнинг ўрнига киргани учун 2 нафар ҳамда тест материалларига шикаст етказгани учун 1 нафар — жами 230 абитуриент кириш имтиҳонларидан четлаштирилган. Шунингдек, тана ҳарорати 37 градусдан юқори бўлган 3 нафар абитуриент кириш имтиҳонларига қўйилмаган.

Кириш имтиҳонлари ўтказилган 7 майдонда 360 градусга айланувчи 14 та ва 229 та видеокузатув орқали назорат камераларидан фойдаланилган.

Вилоятдаги кириш имтиҳонлари ўтказилган майдонларда 13–14 сентябрь кунлари академик лицей учун кириш имтиҳонлари ўтказилган ва 15 сентябрь куни вилоят халқ таълими тасарруфидаги айрим фанларга чуқурлаштириб ўқитиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг 5–7-синфларига тест синовлари бўлиб ўтиши белгиланган. Самарқанд шаҳар «Локомотив» стадионида 16 сентябрь куни Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейи абитуриентлари учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтиши ҳамда 17 сентябрда тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлгани учун кириш имтиҳонларида четлаштирилган ёки имтиҳон куни коронавирусга чалинган абитуриентларга кириш имтиҳонлари ўтказилиши қайд этилган.

Янгиликлар