«Кимларгадир 2 та хонадон берилган, яна 3-хонадонни сўраяпти». Шерзод Қудратхўжаев Сардоба ҳалокатидан кейин тақсимланаётган уй-жойлар ҳақида гапирди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 14 октябрь куни Халқаро пресс-клубнинг «Сирдарё: халқ розилиги ва бирга катта кучмиз» номли сессияси ўтказилди. Унда қилинган ишлар, келгуси лойиҳалар, навбатдаги вазифалар ҳақида мутасаддилар ва вилоят аҳолиси билан суҳбатлашилди, дея хабар берди «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: «Tez News»

«4710 хонадон яқин 1 ой ичида фойдаланишга топширилади. Муҳтож асосий одамлар уй олди, лекин битта-иккита одам уй олмаган бўлиши мумкин. Ўша одамлар бугун ҳар хил идораларга бориб юрибди. Ёки кимларгадир 2 та хонадон берилган, энди яна 3-хонадон беришни сўраяпти», — дейди Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қўдратхўжаев.

Хусусан, мана шундай ҳолатлар бўйича қандай ўрганиш бўлаётганлиги ва бу масалалар қандай ҳал этилиши бўйича мутасаддиларга савол берилган. Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг таъкидлашича, фуқароларга уй бериш учун махсус коммисия тузилган.

Фото: «Tez News»

«Бу масала бўйича ўзимизнинг аниқ стратегиямизга эгамиз. Ҳар битта туман ҳокимлигида уйларни фуқароларга бериш бўйича алоҳида коммисия ишламоқда. Фуқаролар уй сўраб, коммисияга мурожаат этишса, биз уни ўрганиб, кўриб, охирги хулосани берамиз. Агарда ростдан ҳам бунга муносиб бўладиган бўлса, ҳеч қандай эътирозсиз уй билан таъминланади.

Бу уйлардан ташқари аввал колхоз идоралари, машина, трактор парклари бўлган жойларда ҳам 60 га яқин хонадон учун 1 хонали уй қурмоқдамиз. Бу заҳирамизда. Агарда эртага қандайдир хавф туғиладиган бўлса, мана шу уйларни ҳам уларга берамиз. Шунингдек, бир пайтлар «пахта компанияси» бўлган вақтларда бир қаватли қилиб, ётоқхона тарзида қурилган биноларни ҳам қайта таъмирлаяпмизки, эртага бирор киши ёрдам сўраб келса, уларга ҳам ёрдам кўрсатамиз», — дейди Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев.

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Янги Ўзбекистон» маҳалласида сув тошқинидан талафот кўрган Мирзаобод ва Оқолтин туманида яшаган аҳоли учун 40 та 5 қаватли уй-жой қуриб битказилган. Битта кўп қаватли бино 20 та 3 хонали хонадондан иборат. Хоналарнинг майдони эса 69 квадрат метрни ташкил этади. Шу билан бирга, ҳар бир оила учун бино ертўласида алоҳида омборхона ажратилган.

Аввалроқ Сардобада 37 та кўп қаватли уй қуриб битказилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар