Майкл Жексон вафот этган энг бой машҳурлар рейтингида яна биринчи ўринда қайд этилди
«Forbes» журнали мероси ўлимидан кейин даромад келтиришни давом эттираётган машҳурларнинг йиллик рейтингини 13 ноябрь, жума куни эълон қилди. Рўйхатнинг биринчи ўрнида 2009 йилда вафот этган поп қироли Майкл Жексон яна бир бор қайд этилган.
Журнал маълумотларига кўра, қўшиқчининг ижодий ҳуқуқлари меросхўрларига 48 миллион доллар олиб келган.
Қайд этилишича, рўйхатнинг иккинчи ўрнида болалар китоблари муаллифи, доктор Сьюз (асл исми — Теодор Зойс Гайзель) қайд этилган. 1991 йилда вафот этган ёзувчининг китоблари, шу жумладан, «Гринч — Рождество ўғриси» муаллифлик ҳуқуқи эгаларига 33 миллион доллар фойда келтирган.
Шунингдек, «Снупи ити ва дўстлари» муаллаифи марҳум рассом Чарльз Шульц рўйхатнинг юқори учлигини тамомлаб берган. Энг бой рассом 2000 йилда вафот этган ва ўлимидан сўнг унинг йиллик даромади 32,5 миллион долларни ташкил этган.
Рўйхатга 2020 йилнинг январь ойида вертолёт ҳалокати оқибатида ҳалок бўлган баскетболчи Коби Брайант ҳам киритилган. Америкалик марҳум баскетболчи бу рўйхатнинг олтинчи ўрнини эгаллаган. «Nike» компанияси томонидан баскетболчи номи остида чиқарилган тўпламининг сотилиши ва марҳум таржимаи ҳолининг қўшимча нашри меросхўрларга 20 миллион доллар фойда келтирган.
Аввалроқ «Forbes» колумнисти Мелик Кайлан Марказий Осиёда барқарорлик умиди бўлган Ўзбекистонга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлагани хабар қилинган эди. Кейинчалик «Forbes» талқини бўйича ўзбекистонлик йигит энг кўп пул топувчи TikToker’га айлангани маълум қилинган.