Бектемирда ноқонуний пиротехника савдоси билан шуғулланганлар уч суткага қамалди

Тошкент шаҳар Бектемир туманида ноқонуний равишда пиротехника савдоси билан шуғулланган икки нафар шахсга суд томонидан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Тезкор хабарлар» дастурида маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, ҳолат Бектемир тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув ходимлари ва жамоа тартибини сақлаш ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, тумандаги савдо мажмуаси олдида Ф. ва Б. исмли шахслар ноқонуний равишда пиротехника воситалари савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган ва пиротехника воситалари тегишли тартибда туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига олиб келиниб, давлат солиқ инспекцияси ходимларига расмийлаштирилиб топширилган.

Таъкидланишича, ҳолат бўйича туман маъмурий суди томонидан фуқароларга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.

Аввалроқ Тошкент вилоятида пиротехника портлашидан жароҳат олган 18 ёшли йигитнинг қўли операция қилингани ҳақида хабар берилган. Унга чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилган жароҳати, тўртинчи ва бешинчи бармоқлар жароҳати ва тирноқ фалангасининг травматик узилиши ташхиси қўйилган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қўлбола пиротехника воситасини тайёрлаётган ўсмирлар чақнаш оқибатида жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.