Хотинига боласининг ахлатини едирган эркакка суд ҳукми ўқилди

Тошкент шаҳрида хотинига мажбурлаб боласининг ахлатини едирган Р.И. 8 октябрь куни ҳибсга олингани маълум қилинган эди. Суд ҳукми билан у 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: «Tez News»

Суд Р.И.ни муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнашда ифодаланган жиноят аломатларида айбдор деб топди. Ва у Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга шу моддага асосан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, тайинланган жазо манзил колонияларда ўталиши ва Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан жазони ўташ жойларида токсикоманияга қарши мажбурий тиббий даволанишга жалб қилиниши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат акс этган видео 1 октябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Оққўрғон маҳалласида олинган. Эр хотинига ўлдириш билан таҳдид қилиб, боласининг нажасини едирган. Қизига ҳам шундай таҳдид қилиб, видеога олишини буюрган. Икки фарзандли аёл ҳаётига хавф солингани сабаб уйдан кетишга мажбур бўлган.

Фото: «НеМолчи.uz»

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳолат юзасидан муносабат билдирган эди. Маҳалла вазирлиги жабрланувчи ва унинг вояга етмаган икки нафар фарзанди — 2008 йида туғилган қизи М.О. ва 2017 йилда туғилган қизи И.И.га тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилганини маълум қилган.

Янгиликлар