Нидерландиядан Фарғона вилоятига жўнатилган почтадан синтетик гиёҳванд модда топилди

Нидерландиядан Фарғона вилоятига жўнатилган почтадан салкам ярим кило синтетик гиёҳванд модда топилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Хабаргап кўра, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларининг йирик миқдордаги ноқонуний айланмасига чек қўйган. Нидерландиядан Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро Д.Н. номига келган почта жўнатмаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганида жўнатмада «ABD-BUTINACA» номли, 498,82 грамм синтетик турдаги гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шундан сўнг мазкур почта жўнатмасига буюртма берган ва унга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш мақсадида Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Д.Н. мазкур почта жўнатмасини қабул қилиб олиш учун келган пайтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди. Фуқаро Д.Н.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Терговга қадар текширув давомида фуқаро Д.Н. мазкур гиёҳвандлик воситасини интернет дўкони орқали буюртма берганлиги маълум бўлди. Шу тариқа фуқаро Д.Н. ва бошқаларнинг жиноий қилмишлари фош этилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.

Аввалроқ Тошкентда гиёҳвандлик моддаси олиб юрган 18 ёшли йигит ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Тошкент божхонасида таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган жўнатма ушлаб қолинган.

Янгиликлар