Тошкентда гиёҳвандлик моддаси олиб юрган 18 ёшли йигит ушланди
Тошкент шаҳрида марихуана гиёҳвандлик моддасини олиб юрган 2002 йилда туғилган йигит ушланди. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 9 январь куни соат 18:00 да Юнусобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида, Юнусобод тумани Марказ-4 даҳасида Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи 2002 йилда туғилган фуқаро М.А. тўхтатилиб текширилган вақтида эгнидаги шимининг чап ташқи чўнтагидан 1 дона оқ қоғоз бўлагига ўралган яшил рангли ўткир кўкимтирсимон модда борлиги аниқланган. Мазкур модда холислар иштирокида далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Ўтказилган суд-кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро М.А.дан олинган модда таркибида фаол гиёҳвандлик модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги ва унинг умумий оғирлиги 1,19 граммни ташкил этиши аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Тергов бўлими томонидан М.А.га нисбатан Жиноят кодекснинг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 18 ёшли йигитга гиёҳванд моддани пуллаётган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда бир килограм опийни сотаётган 2 нафар эркак ушлангани ҳақида хабар берилган.