Ўзбекистонда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлар жарима тўлайди

Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175⁸-модда билан тўлдирилиб, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев 14 январь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175⁸-модда билан тўлдирилди. Унга мувофиқ:

  • давлат харидлари режаларини, шу жумладан, режа-жадвалларини шакллантириш ва жойлаштириш тартиби бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда давлат харидларини амалга ошириш чоғида махсус ахборот порталига давлат харидлари бўйича эълонлар жойлаштириш тартибини, мажбурий муҳокама ўтказиш тартиби ва муддатларини ҳамда давлат хариди натижаларини жойлаштириш муддатларини бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 миллион 115 минг сўмдан 2 миллион 230 минг сўмгача) миқдорда;
  • давлат харидлари тўғрисидаги эълонларга ва харид ҳужжатларига қонунчиликда тақиқланган ҳамда рақобатни чекловчи ахборотни, ҳаволалар ва талабларни киритиш, харид ҳужжатларини тасдиқлаш ҳамда буюртмаларни шакллантириш тартибларини бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (2 миллион 230 минг сўмдан 3 миллион 345 минг сўмгача) миқдорда;
  • товарларни, ишларни ва хизматларни етказиб берувчиларни тендер ўтказиш йўли билан аниқлаш талабларини бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (3 миллион 345 минг сўмдан 4 миллион 460 минг сўмгача) миқдорда;
  • давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (4 миллион 460 минг сўмдан 6 миллион 690 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани ва Маданият вазирлигида бажарилмаган ишлар учун қанча бюджет маблағи ўзлаштирилгани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар