2GIS иловаси Тошкент шаҳридаги автобус йўналишларини кўрсата бошлайди

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва 2GIS Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ташкил қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик келишувини имзолади. Бу ҳақда акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Келишув йўловчи транспортини мониторинг қилишни кўзда тутган бўлиб, бу ўз ичига йўналишлар схемаларини, ҳаракатланиш жадвалини ва транспорт воситаларининг амалдаги жойлашувини акс эттириш каби қатор вазифаларни олган.

Хабарда йатилишича, 2GIS компаниясининг картографлари билан ҳамкорликда барча янгиланган автобус йўналишлари чизилиб, Тошкент харитасига туширилган. Автобус йўналишларини тузишда йўловчиларни метрога элитадиган йўналишлар тармоғи барпо этилган.

Маълумот учун, 2GIS – халқаро картографик ташкилот бўлиб, 1999 йилдан буён шу номли электрон ташкилотлар маълумотномалари ва шаҳарлар хариталарини чиқариб келмоқда. Ҳозирги кунда сервис 11 мамлакатда мавжуд бўлиб, 50 миллиондан ортиқ фойдаланувчиларга ёрдам бериб келмоқда.

Тошкентга 2GIS 2019 йил сентябридан кириб келган. Фойдаланувчилар учун сервиснинг бепул мобиль иловаси ва онлайн-кўриниши мавжуд. 2GIS манзилларни топиш, автобус йўналишларини кўришда ёрдам бериб, жамоат транспортида ҳаракатланишни режалаштириш, автомобиль учун навигаторни ёқиш, ташкилотлар ҳақида изоҳ қолдириш, уларнинг телефон рақами ва иш вақтини билиш, компаниялар карточкаларида маҳсулотлар рўйхати ва уларнинг нархини кўриш ҳамда қатор бошқа имкониятларни беради.

Аввалроқ Республика махсус комиссияси баёнига мувофиқ 17 августдан бошлаб ҳудудлараро қатновчи жамоат транспорти ҳаракати қайта йўлга қўйилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар