Янгиариқда ишчи гуруҳ томонидан 200 гектардан ортиқ самарасиз ва ноқонуний боғ аниқланган (фото)

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 2020 йил 15 август куни жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида Янгиқўрғон туманидаги «Заркент» агрофирмаси ҳудудида самарасиз боғ ва токзорлар эгалари билан мулоқот қилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, ишчи гуруҳи томонидан ушбу ҳудудда 156 гектар самарасиз ҳамда 48 гектар ноқонуний боғ аниқланиб, судга даъво аризалари киритилган. Шунингдек, очиқ мулоқотда иштирок этган «Нуран.уз» МЧЖ таъсисчиси Нурали Абдуллаев Поп туманининг сувсиз, дашт адирликларининг 500 гектарида интенсив боғ бунёд этиш жараёнлари ҳақида маълумот берган.

Унинг  айтишича, Испаниядан келтирилган ҳосилдор ўрик кўчатлари икки ойдаёқ натижа кўрсатган. Бу боғ келаси йилданоқ тўлиқ мева тугади ва гектарига 70 тоннагача ҳосил беради. Бир гектаридан 50 минг АҚШ доллари миқдорида даромад кутилмоқда. Шунингдек, дарахт ораларига полиз маҳсулотлари экилиб, даромад олинади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

«Ўз пайтида  вилоятимиз республикада мева-сабзавотчилик йўналишларида пешқадамлардан эди. Қолаверса, турли тилларда куйланган «Наманганнинг олмаси» деган оламга машҳур қўшиқ бўларди. Афсуски, бугун ўша довруғли олмалар етиштириладиган боғларда ўзбошимчалик, ердан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари авж олган.

Меҳнатга муносабатни  тубдан ўзгартириш, ер билан ишлаш ва деҳқончилик маданиятини  юксалтириш, аграр секторни барқарорлаштириш йўлида бир зум ҳам беписандлик, хўжасизлик ва лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди. Бугунги ва эртанги тараққиётимизга бевосита боғлиқ бўлган мазкур соҳада таркибий ўзгаришлар кечмоқда. Экинларни жойлаштиришда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, деҳқонлар даромадини кўпайтирадиган, экспортбоп, юқори ҳосилдорли маҳсулотларни етиштириш, замонавий интенсив боғ-роғлар барпо этишга жиддий  аҳамият берамиз», — деди Хайрулло Бозоров.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Наманган ҳокими Янгиқўрғон тумандаги аграр соҳа фаолиятини танқид қилгани, россиялик инвестор томонидан қиймати 1 миллион долларлик замонавий текстиль корхонаси барпо этилиши ва мева-сабзавотларни Италия технологияси асосида қайта ишлаш корхонаси ишга тушиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар