Сўхда йўл қурилиши ишларига 104 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади

Фарғона вилояти Сўх туманида 2020–2021 йилларда йўлларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига 104,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, 2020–2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига асосан туманда:

  • 160 километр шағал қопламали йўлларни цементбетон қопламага ўтказиш ва асфалт қоплама ётқизиш;
  • 106 километр тупроқ йўлларни шағал қопламага ўтказиш;
  • 40 километр цементобетон пиёдалар йўлакларини қуриш ишлари режалаштирилган.

Фото: Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, 2020 йилда 96 километр йўл ва 20 километр пиёдалар йўлаклари, 2021 йилда 170 километр йўл, 20 километр пиёдалар йўлакларини қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўрсатиб ўтилган. Бу мақсадларга 104,1 миллиард сўм маблағ йўналитирилади.

Фото: Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, айни кунда маҳалланинг марказий кўчасига пиёдалар учун тротуар ётқизиш ишларига старт берилди.

«Бундай эзгу ташаббус ва эътибордан барча «Ҳазрати Aли» маҳалласида яшовчи фуқаролар ҳам миннатдор, чунки бизнинг маҳаллада ҳам носоз аҳволга тушиб қолган йўллар таъмирланди, эндиликда ҳудудда пиёдалар учун тротуар ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Бу, албатта, халқимизнинг чекчиз қувончига сабаб бўлмоқда», — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Субҳонали Нишонов.

Фото: Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Президент Тошкентнинг Aҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларида амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишгани ҳамда Самарқандда қурилаётган эни 42 метрли йўлга ҳозиргача қанча маблағ сарфлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар