Фурқат туманида Жиззахдан қўй олиб келиб сотишни айтиб, фуқарони 5000 долларга алдаган эркак ушланди
Фарғона вилояти Фурқат туманида Жиззахдан қўй олиб келиб сотишни айтиб, фуқарони 5000 АҚШ долларига алдаган эркак ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Фурқат туманида 27 ёшли фуқаро М.Қ. 2019 йил июль ойи бошларида таниши 44 ёшли Ю.М. га биргаликда Жиззах вилоятидан қўй олиб келиб сотиб, яхши фойда олиш таклифини берган. Шу йўл билан унинг ишончига кирган.
Ундан қўй сотиб олиш учун 5000 АҚШ долларини алдов йўли билан олган. Кейинчалик берган ваъдасини бажармасдан қўлга киритган пул маблағларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 12 октябрда Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Қ. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик)1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Когонда омборга ўғирликка тушган шахс қўлга олингани хабар қилинганди.