Когонда омборга ўғирликка тушган шахс қўлга олинди
Бухоро вилояти Когон туманида омборга ўғирликка тушган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 2020 йил июнь ойи ўрталарида номаълум шахс Когон тумани «Туткунда» Маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Когон сув қурилиш» МЧЖ омборхонасининг эшиги қулфини бузиб, ғайриқонуний равишда кирган. Омборхонадан жами баҳоси 26 382 249 сўмга тенг кўп миқдордаги, вазни 902 килограмм бўлган 11 турдаги болт, 6 турдаги гайка ва 3 турдаги шайбаларни яширин равишда ўғирлаб кетганлиги ҳолати бўйича жиноят иши очилган.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат юзасидан Когон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жиноятни Когон тумани «Туткунда» Маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1999 йилда туғилган Ш.Т. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳозирда унга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қувада 700 минг сўмлик телефон ўғирлаган шахс ушлангани, Пастдарғомда поезддан 134 та металл шар ўғирлаган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.