Қувада 700 минг сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти Қува туманида 700 минг сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 23 сентябрь куни «Гўзал» маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Н. туман ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, 22 сентябрдан 23 сентябрга ўтар кечаси номаълум шахс яшаш хонадонига девор ошиш орқали ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасида бўлган нархи 700 000 сўмлик «Redmi 5» русумли уяли телефон аппаратини ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни В.О. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Қўқонда фуқаронинг 20 миллион сўмдан ортиқ пулини тортиб олган, Тошлоқда машина ичидан фуқаронинг 400 долларини ўғирлаган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.