Aвтомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига пора таклиф қилган шахсга нисбатан чора кўрилди

Aвтомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига 1 миллион 500 минг сўм пора таклиф қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, 11 февраль куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида Қашқадарё вилоятида рўйхатда турувчи 1992 йилда туғилган фуқаро Р.А.нинг бошқарувида бўлган «Nexia-3» русумли автомашина тўхтатилиб, текширилган.

Текширув натижасида, ҳайдовчи спиртли ичимлик ичгани гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилинган. Натижада, ҳайдовчи Р.А. спиртли ичимлик ичганини тан олган. Бироқ тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган.

Шундан сўнг, ЙПХ инспектори ушбу ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирган. Автомашина эса жарима майдонига жойлаштирилган.

Таъкидланишича, ҳайдовчи Р.А. жаримадан озод бўлиш мақсадида баённомани бекор қилиб, атомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига 1 миллион 500 минг сўм пулни пора тариқасида таклиф қилган.

Аммо ҳолат юзасидан ЙПХ ходими билдирги орқали вилоят ИИББ бошлиғига мурожаат қилиб, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини сўраган.

Шу асосда ўтказилган тезкор тадбир давомида, 11 февраль куни Юқори Чирчиқ тумани Болта қишлоғида жойлашган жарима майдончасида соат 18:20 да фуқаро Р.А. ЙПХ ходимига пулларни пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир:

Янгиликлар