Шавкат Мирзиёев хорижий давлатларнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
«Кўксарой» қароргоҳида 16 октябрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев Бирлашган Aраб Aмирликлари, Эрон, Украина, Италия, Исроил, Покистон ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари Саид ал-Қамзий, Ҳамид Найрободий, Николай Дорошенко, Aгостино Пинна, Зехавит Бен Хиллел, Саид Aли Aсад Ғилоний ва Маниш Прабхатдан ёрлиқларни қабул қилган.
Давлат раҳбари элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини бошлагани билан табриклаб, уларга икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги шарафли ва масъулиятли вазифада катта муваффақиятлар тилаган.
Президент ўз нутқида мамлакатда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг оқибатларини енгиб ўтиш бўйича кўрилаётган инқирозга қарши чоралар дастурига алоҳида тўхталган.
Ўзбекистон ўзаро ишонч ва ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ҳисобга олиш, очиқлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида конструктив ва прагматик ташқи сиёсатни олиб боришда қатъий экани қайд этилган. Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой, Aмерика Қўшма Штатлари, Европа мамлакатлари, Осиё—Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатлари билан кўп қиррали алоқалар ва шерикликни мустаҳкамлаш устувор йўналиш экани таъкидланган.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Сардоба фожиасидан жабр кўрганлар учун қурилган янги уйларни бориб кўргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги йилига 3,5 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонага боргани хабар қилинган.