Тошкентдаги тунги клуб хўжайини мижозларни ИИБ ходимларидан яшириб, 3 соат ичкарида олиб ўтирди — видео

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги тунги клуб хўжайини муассасани текширишга келган Ички ишлар бошқармаси ходимларини ичкарига киритмай, мижозларни 3 соат клубда олиб ўтирди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканалининг «25-soat» кўрсатувида хабар берилди.

Кадр: Telegram/@zortv25soat

Қайд этилишича, ушбу маскан мутасаддилари аввал ҳам огоҳлантирилиб, тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган. Шунга қарамасдан, клуб мижозларга хизмат кўрсатишда давом этмоқда.

«Хизмат кўрсатувчиларининг ўзи ҳам карантин талабларига амал қилмаяпти. Клубда калян тайёрлаб сотиляпти, дискотека уюштирилмоқда», дейилади хабарда.

ИИБ ходимининг маълум қилишича, Учтепа туманидаги «Троя» клубига етиб келинганда жой эгаси ходимларни кўриб, эшикларни қулфлаб олган. У ичкаридаги фуқароларни 3 соат давомида ушлаб ўтирган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг 2 туманида стриптиз ўйинини ташкил қилган тунги клублар аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро шаҳрида яширин сауна ва массажхоналарнинг 15 дан ортиқ мижозлари аниқлангани хабар қилинган.